14-15 апрель кунлари Ўзбекистон раҳбари Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Россияга сафар қилди. Музокаралар якуни бўйича Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим, 2013-2017-йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2013-2015-йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик дастури имзоланди. Шунингдек, ташриф доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муассасалари, божхона ва солиқ хизматлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинди.
Кейинги расмий ташриф Бишкек шаҳрига бўлди. Ислом Каримов 12-13 сентябрь кунлари Бишкекда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
16-17 октябрь кунлари эса Латвия Республикаси президенти Андрис Берзиньшнинг таклифига биноан И.Каримов давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Учрашувлар чоғида президентлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.
2013 йилдаги энг сўнгги хорижий ташриф Белоруссия давлатига бўлди. Ўзбекистон президенти 24-25 октябрь кунлари Минск шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Минск учрашувида Ҳамдўстлик фаолиятини янада такомиллаштириш, аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Комментариев нет :
Отправить комментарий