Бугунги янгиликлар: Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уильям Бёрнсни қабул қилди. _НАТО Россиянинг Украинага бостириб кирмаслигини маълум қилди._Малайзия Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистонга келди.

понедельник, 12 мая 2014 г.

Бўстонлиқда “Кино ва ёшлар” республика форуми бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 3-6 май кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилган “Кино ва ёшлар” республика форуми бўлиб ўтди.
12news.uz хабарига кўра, форум халқ маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришда кино санъатининг беқиёс ўрни, таъсири ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда кинематография равнақи учун зарур шарт-шароит яратишга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилди.
Форумда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Ж.Қосимов илк бор ташкил этилган форумнинг аҳамияти катта эканини, ёшлар билан киноижодкорларнинг бундай фикр алмашуви кино санъатини ривожлантириш ишига туртки бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Форум иштирокчиларига “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан тасвирга олинган шоир Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган “Бу ёруғ оламда ўчмас чироғим” ҳужжатли фильми, “Одноклассники.ру”, “Кўргим келади”, “Қудуқ” бадиий фильмлари, “Донишқишлоқ ҳангомалари” мультипликацион фильми, шунингдек, нодавлат киностудиясида суратга олинган “Эркатой” бадиий фильмлари намойиш этилди.
100 нафардан ошиқ форум иштирокчиси томошадан сўнг номлари зикр этилган фильмлар ижодкорлари билан ушбу фильмлар баҳс-мунозара қилди. Бундан ташқари, улар 6 та секцияга бўлиниб, бадиий, ҳужжатли ва болалар фильмлари, адабий сценарий масалалари, кинодебют ҳамда хусусий киностудиялар фаолияти ҳақида давра суҳбатлари ўтказди ва улар юзасидан таклифларини форумнинг якуний резолюциясига ҳавола этди.
Форум якуни бўйича ёшларга мўлжалланган фильмларнинг савиясини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, хусусий киностудиялар мутахассисларининг профессионал малакасини ошириш, кино соҳаси бўйича алоҳида босма нашрни йўлга қўйиш ва бошқа масалаларни қамраб олувчи таклифлардан иборат резолюция қабул қилинди.

Комментариев нет :

Отправить комментарий