Бугунги янгиликлар: Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уильям Бёрнсни қабул қилди. _НАТО Россиянинг Украинага бостириб кирмаслигини маълум қилди._Малайзия Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистонга келди.

понедельник, 12 мая 2014 г.

Эдгар Клозе: Самарқандда ўтадиган халқаро конференция — ўзбек халқи тарихий мероси тикланишига нисбатан қаратилаётган алоҳида эътиборнинг тасдиғидир

Бир неча кундан кейин Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади. Илмий ҳамжамият учун жуда муҳим бўлган ушбу воқеа муносабати билан Бранденбург Технологиялар ва инновациялар институтининг директори, профессор Эдгар Клозе “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Мазкур халқаро конференцияда қатнашиш мен учун катта шарафдир. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ушбу илмий анжуманнинг бутун дунёга машҳур шаҳарда, ҳақли равишда “абадий барҳаёт шаҳар” деган номга сазовор бўлган, жаҳон аҳли ўртасида “ўарбда — Рим, Шарқда — Самарқанд” дея эътироф этиладиган Самарқандда ўтказилишида катта маъно бор. Чунки ушбу шаҳар, ҳақиқатан ҳам, жаҳон цивилизациясининг кўҳна ўчоқларидан бири ҳисобланади. Самарқандда ўтказилажак мазкур тадбир Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ўзбек халқининг тарихий, маданий ва илмий меросини тиклашга қаратилаётган алоҳида эътибордан далолат беради.
Ўзбек заминида яшаган, ижод этган кўпгина олим ва мутафаккирларнинг номлари ҳамда улар ёзиб қолдирган ишлардан хабардорман. Шубҳа йўқки, уларнинг ноёб илмий ва маънавий мероси бутун инсониятнинг мулки ҳисобланади. Ана шу алломаларнинг ишлари муайян вақт ўтганидан сўнг Европада ҳам илмий, маданий ва маънавий тараққиётнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган.
Жумладан, улуғ олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг бебаҳо кашфиётлари жаҳон илм-фани тараққиётига жуда катта таъсирини кўрсатган. Ўйлайманки, унинг тадқиқотлари натижаларисиз таниқли немис астрономи ва математиги Иоганн Кеплернинг бизгача етиб келган илмий кашфиёти бу қадар мукаммал бўлмас эди.
Ўзбек заминининг табаррук олим ва мутафаккирлари илмий кашфиётлари билан бирга, бизга жуда катта адабий ва маданий меросни ҳам қолдиришган. Буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари, унинг дунё адабий хазинасидан жой олган бебаҳо дурдона асарлари мазмун-моҳияти билан бугунги кун учун ҳам долзарбдир. Алишер Навоий ёзганидек, турли кишилар ва халқлар ўртасидаги ўзаро мулоқот, ҳамкорлик, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар илм-фан тараққиётида ҳамда ҳар қандай жамиятнинг маънавий ҳаёти ривожланишида катта аҳамият касб этади.
Мен бўлажак конференциядан самарадор мулоқотни, ўрта асрларнинг улуғ алломалари ёзиб қолдирган илмий ишлар, улар устида олиб борилган илмий тадқиқотларнинг натижалари тўғрисидаги янги маълумотлар олишни кутмоқдаман.
Конференция доирасида мен ўз илмий маърузамни анжуман иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилишни ҳамда уларни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳа тафсилотлари билан таништиришни режалаштирганман.

Комментариев нет :

Отправить комментарий